2016 йилнинг 17 декабрида "РЖД" компанияси Москва-Берлин йўналишидаги қатновларга старт беради. Берлинга йўл олувчи тезкор поезд Россия пойтахтидан бир ҳафтада икки марта қатнайди. Бу ҳақида pass.rzd.ru сайтида маълум қилинди. 

Компания хабарида кўрсатилганидек, Берлин йўналишидаги поездлар қатнови шанба ва якшанба кунлари Москвадаги Курск вокзалидан амалга оширилади. 

Рейслар тезкор "Стриж" поездларида йўлга қўйилади. Йўналишнинг умумий узунлиги 1,9 минг километрни ташкил қилади. Чиптанинг минимал баҳоси - 8 737 рубль, максимал нархи эса - 36 231 рубль. 

"РЖД" Берлиндан ташқари яна бир неча халқаро йўналишлар қатновини амалга оширади. Москвадан ғарб томон йўналишда поездда Париж, Будапешт, Прага, Ницца ва Венагача етиб олиш мумкин. Шарқий йўналишида эса "РЖД" поездлари Пекин,  Манчжурия ва Улан-Баторга қатнайди.