Тарихдан деҳқончилик марказларидан ҳисобланиб келган Ўзбекистон деярли барча асосий озиқ-овқат маҳсулотлари турларини етиштириш учун ноёб табий иқлим шароитига эга ҳисобланади.  

Ўзбекистонда етиштириладиган, ноёб истеъмолбоп хусусиятларга эга сабзавот, мева, узум ва полиз маҳсулотлари билан хорижий ҳамкорларни кенг кўламда таништириш, ҳамда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчилар, қайта ишловчилар ва етказиб берувчилар ўртасида узоқ муддатли барқарор кооперацион алоқалар ўрнатиш мақсадида шу йил 1 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро мева-сабзавот ярмаркасини ташкил этиш ва уни ҳар йили ўтказиб туриш чора-тадбирлари тўғрисида“ги ПҚ-2539 сонли Қарори қабул қилинган эди.

Шу муносабат билан 2016 йилнинг 8 – 10 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрининг «Ўзэкспормарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси ташкил этилади.

Ярмаркада 40дан ортиқ мамлакатдан чет эл қайта ишлаш ва савдо компаниялари, халқаро савдо ташкилотлари, савдо-саноат палаталари, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги вазирлик ва идоралар, юкларни олиб бориб бериш (логистика) билан шуғилланувчи компаниялар вакиллари, шунингдек мамлакатимиздаги мева-савбзавот маҳсулотларини етиштирувчи ҳамда қайта ишловчи корхоналар иштирок этиши кутилмоқда.  

Ўзбекистоннинг экологик тоза мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш борасидаги имкониятларини янада кенгроқ ёритиб бериш учун ярмаркада 150та маҳаллий ташкилотлар, идоралар, логистика компанияларининг вакиллари, шунингдек 100га яқин янги узилган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларни экспорт қилувчилар қатнашади. 

Ярмарка «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХК, «Ўзагроэкспорт» АЖ ва «Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси Дирекцияси» МЧЖ, «Ўзбеквиносаноат-холдинг» ХК ва «Ўзбекозиқовқатзахира» ассоциацияси томонидан ташкил қилинмоқда.

Ярмарка доирасида Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар ва истеъмолчилар ўртасида давра суҳбатлари, икки томонлама музокаралар ташкил этилиши, ярмарка иштирокчиларининг интенсив боғларга, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналарга, совутиш комплексларига ташриф буюришлари ҳам режалаштирилган.