«Вест Ҳэм Юнайтед» жамоаси 200 нафар мухлисининг уй ўйинлари ўтказиладиган стадионига киритишни тақиқламоқчи. Бунга ушбу мухлислар Англия лигаси кубоги 1/8 финали доирасида «Челси»га қарши кечган ва 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган ўйинда тартибсизлик келтириб чиқаргани сабаб бўлади.

Ўйин якунланиши арафасида мезбон жамоа мухлислари меҳмонлар ўтирган трибунага турли буюмлар, хусусан синдирилган ўриндиқларнинг парчаларини улоқтира бошлаган, натижада оммавий муштлашув юзага келганди. Стюардлар тартибсизликни тўхтата олмаган, полиция чақирилиб, тўқнашув иштирокчилари ҳибсга олинганди.

The Guardian хабарига кўра, айни вақтда лондонликлар клуби трибунада ўша вақтда аслида нима рўй берганини аниқлаш учун кузатув камераларидаги ёзувлар ҳамда аудиоёзувларни ўрганиб чиқмоқда.

«Вест Ҳэм» бошқаруви раисининг ўринбосари Каррен Брэйди безориларни қилмишини қоралади ва уларни стадионга йўлатмасликка ваъда берди. Унинг гапига қараганда, мавсумий абонементларни сотиб олиш учун 55 минг мухлис навбатда турибди. Шунинг учун ҳам клуб безориларга кескин жазо қўллашдан қўрқмайди.

Бундан олдинроқ Англия футбол ассоциацияси (FA) тартибсизликлар бўйича текширув ўтказишга киришгани маълум бўлганди.