Ҳиндистоннинг Аурангобод шаҳридаги петарда ва пиротехника маҳсулотлари сотилувчи бозорида юз берган йирик ёнғин оқибатида 200га яқин савдо дўкони ва 40та машинанинг кули кўкка совурилган, деб хабар қилмоқда New Indian Express нашри.

Ёнғин бир-бирига яқин жойлашган дўконларга тезда тарқалган, катта ва кичик савдо пештахталарини қамраб олган. 

Бахтли тасодиф туфайли дўкон эгалари ва мижозлардан ҳеч кимга зиён етмаган, дейилади хабарда. Айни вақтда, полиция портлаш сабабларини ўрганмоқда. Тахминлардан бирига кўра, кимдир Дивали байрами муносабати билан петардани ёқиб юборгани мазкур воқеага сабаб бўлган.