29 октябрь куни Исландия альтинги учун навбатдан ташқари сайловлар бўлиб ўтади. Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 10:00дан 22:00гача очиқ бўлади. Исландия парламенти дунёдаги энг қадимги парламентлардан бири ҳисобланади. 

Сайловлар мамлакатга "Панама ҳужжатлари" эълон қилингач, вужудга келган сиёсий инқироздан чиқишга ёрдам бериши керак. Бу сафарги сайловларнинг эътиборли томони, баҳорги норозиликлардан сўнг Қароқчилик партиясининг обрўси ортиб кетганидир. 

Сайловларда овоз бериш ҳуқуқига 245 минг киши эга. 63та депутатлик курсисига 12 партиядан 1,5 мингга яқин номзод курашмоқда. Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, сайловларда сайловчиларнинг 0,6 фоизи бевосита номзод сифатида қатнашмоқда. 

Аслида, Исландия парламент сайловлари 2017 йил май ойида бўлиб ўтиши керак эди. Навбатдан ташқари сайловларга, молиявий инқироз ва офшор маблағларига қарши норозиликлардан сўнг ҳукумат тепасига келган Ривожланиш партияси етакчиси Сигмюндюр Давид Гюннлейгсоннинг “Панама ҳужжатлари”га алоқадор бўлиб қолгани сабаб бўлди. Британия Виржин оролларида унинг рафиқаси номида офшор компаниялари рўйхатдан ўтгани фош этилган эди. Шундан сўнг, 7 апрелда Гюннлейгсонн истеъфога чиқишга мажбур бўлди. 

Бу сафарги сайловларнинг яна бир шов-шувли жиҳати Қароқчилик партиясининг сайловчилар орасида обрўси ошиб кетганлигидир. Ўтган гал у 5,1 фоиз овоз тўплаб, парламентда 3 нафар аъзосига эга бўлганди. Бироқ, ҳозирда, ижтимоий сўров натижаларига кўра, партия 20-30 фоиз овоз тўплаши мумкинлигини кўрсатмоқда. Бошқа биронта партия аксар кўпчилик овозни олиш имконига эга эмаслиги эътиборга олинса, Исландияни яқинда “қароқчилар” бошқариши мумкинлиги ойдинлашади. 

Қароқчилар партияси 2012 йилда маҳаллий фаоллар, хакерлар, илм-фан соҳаси вакиллари ва "ижодкор тоифа" томонидан Швециядаги шундай партиядан намуна олинган ҳолда ташкил этилган эди. Бироқ, бошқа мамлакатлардаги сафдошларидан фарқли равишда, исландиялик сиёсатчи "қароқчилар" катта сиёсатга киришнинг уддасидан чиқишди.