Канада Латвияга 455 нафар ҳарбий хизматчиси, авиагуруҳи ва ҳарбий-денгиз кучлари кемасини жойлаштиради, дея хабар қилмоқда ТАСС агентлиги. Бу ҳақда, Канада миллий мудофаа вазири баёнот берган. 

«Қуруқликдаги гуруҳ 455 кишига етади. Бу гуруҳга қўмондонлик офицерлари, мотопиёда ротаси, қўллаб-қувватлаш хизмати ва транспорт ходимлари ҳам киради», — дейилади вазирлик хабарида. 

Бундан ташқари, Латвияга CF-18 русумидаги қирувчи-бомбардимончи самолётлар гуруҳи юборилади. Шу билан бирга, Канада ҳарбий-денгиз кучлари фрегати доимий равишда навбатчилик қилади. 

Вазирликнинг таъкидлашича, Латвияда ҳарбийларнинг жойлаштирилиши — «Шарқий ва Марказий Европада НАТО бўлинмаларини кучайтириш борасида Канаданинг қўшаётган ҳиссасидир».