Москвада Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳайкал ўрнатиш масаласи 8 декабрда Москва шаҳар думаси ҳузуридаги монументал санъат бўйича комиссия йиғилишида кўриб чиқилади ва унинг ижобий ҳал қилинишига шубҳа йўқ. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлигига Россияда хизмат кўрсатган архитектор Игорь Воскресенский маълум қилган

"Москва ҳукуматига Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатиш таклифи билан Ўзбекистон элчихонаси мурожаат қилди, элчихона эса ўз навбатида Ўзбекистон ҳукумати илтимосини бажарган. Энди Москва ҳукумати бу масала билан бизга чиқмоқда. Аминманки, бу масала ижобий ҳал қилинади, чунки у давлатлараро даражада муҳокама қилинган", деб айтди Воскресенский.

"Ҳайкал элчихона олдида, Каримов номидаги хиёбонда ўрнатилади", деб қўшимча қилди Воскресенский.

Унинг айтишича, марҳум давлат етакчиларига ҳайкал қўйиш Москвада ўзига хос анъанага айланган. Шаҳарда Хо Ши Мин (Вьетнам), Георгий Димитров (Болгария), Индира Ганди (Ҳиндистон) шарафига ҳайкаллар ўрнатилган.