Россия ҳукумати Хиллари Клинтон томонидан шахсий электрон почтадан фойдаланиш ҳолатининг тергов қилиниши қайта бошланишига бевосита алоқаси бўлиши мумкин. Бундай фикрни АҚШ Демократик партиясидан конгрессмен Тим Райан айтди, деб хабар бермоқда CNN.

Райаннинг айтишича, президентлик сайловлари арафасида бу ҳолатнинг тергов қилинишига қайтиш ғалатидир.

"Бу ҳужжатлар қаердан олинди? Улар ФҚБга қандай тушиб қолди? Бунга Россия аралашганми? Биз бу ҳужжатлар қаердан олинаётгани борасида заррача тушунчага эга эмасмиз", деб айтди Райан.

Шунга ўхшаш хавотирларни партиянинг собиқ етакчиси Говард Дин ҳам билдирди. У твиттерда ФҚБ директори Жеймс Коми гўёки Россия президенти Владимир Путин "томонга ўтганини" ёзган.

Аввалроқ Коми Клинтонга нисбатан унинг шахсий элекрон почтадан хизмат доирасида фойдаланиши ҳолати бўйича тергов қайта бошланганини эълон қилганди. 

Вашингтон Москвани АҚШдаги президентлик сайловлари боришига аралашишга уринишда айблаб келмоқда. Бироқ Россия раҳбарияти буни инкор қилмоқда.