Американинг Сан-Антонио шаҳрида Фредди Крюгер либосини кийиб олган эркак киши Хеллоуин муносабати билан ўтказилган кечада ўт очиб, беш кишини жароҳатлади. Бу ҳақда KENS 5 хабар қилмоқда.

Полиция маҳкамаси хабарига кўра, 30 октябрь якшанба куни Хэллоуин байрами тантанасида бир неча эркак пайдо бўлган. Уларнинг бири Фредди Крюгер либосида бўлган. Кутилмаганда, жиноятчи пистолетни олиб, одамларга қарата ўқ узишни бошлаган. Беш киши тан жароҳати олган. Улар шифохонага етказилган. 

Полициянинг маълум қилишича, яраланганлардан бири мустақил равишда шифохонага бормоқчи бўлган, бироқ, йўлда ЙТҲга учраган. Полиция гумонланувчиларни қидириш ишларини давом эттирмоқда. 

Аввалроқ, Хэллоуин байрами туфайли юз берган бошқа бир отишмада 2 киши ҳаётдан кўз юмгани тўғрисида ҳам хабарлар пайдо бўлган эди.