Бу ҳафта Парижда Гонкур мукофотининг янги совриндорига 10 евролик чек топширилади. Франциядаги бош адабий мукофотнинг пул қисми ўтган асрнинг бошида, мукофот таъсис этилганидан сўнг валюта бозорларида юзага келган муаммолар натижасида қадрсизланган. Бироқ юқори ҳайъат аъзоларининг ишончи комил: ёзувчилар бундан хафа бўлишмайди.

"Бу рамзий чек, - дея изоҳ берди академия президенти Бернар Пиво L'OBS журналига берган интервьюсида. - Ёзувчига унинг муаллифлик ҳуқуқи мукофот келтиради". Жумладан, 2013 йилда "Юқорида учрашамиз" романи учун мазкур мукофотни қўлга киритган Пьер Леметрнинг китоби ўшандан кейин 600 минг нусхада нашр қилинган ва 20 тилга таржима қилинган. 

Энг бадавлат лауреат ҳозирча "Уч нафар кучли аёл" романи (2009) муаллифи Мари Ндьяй. Ҳайъат аъзолари мукофот топширилган кун унга чек топширишни унутишган ва шу боис унга 10 эмас, 11 евро топширишга қарор қилишган. 

"Алабама қўшиғи" романи (2007) учун мукофотга сазовор бўлган Жиль Леруа чекни ўз уйининг деворига осиб қўймоқчи бўлган. Бироқ унга керакли рамка 150 евродан кам бўлмаслигини билиб, бундай ниятидан қайтган. 

Франциянинг таниқли адабий мукофоти ака-укалар Эдмон ва Жюль Гонкурлар томонидан таъсис этилган. Ҳамкасбларини қўллаб-қувватлаш истагида бўлган ака-укаларнинг орзуси 1903 йилда амалга ошган, ўшандан буён бу мукофот ҳар йили адабиёт вакилларига топширилади. 

Гонкур мукофоти француз тилида асар яратувчи ёзувчиларга мўлжалланган.