Алмазбек Атамбаев Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши томонидан қабул қилинган «Референдум тўғрисида»ги қонунни имзолади, деб хабар қилмоқда давлат раҳбари ахборот сиёсати бўлими. 

Хабарларга кўра, ҳужжат референдум ўтказишга оид қонун талабларини Қирғизистон конституцияси, «Президент ва Жогорку Кенеш депутатларини сайлаш тўғрисида», «Сайловлар ва референдумларни ўтказувчи сайлов комиссиялари тўғрисида», «Қирғиз Республикаси халқ қонунчилик ташаббуси тўғрисида»ги қонунларига мослаштириш мақсадида қабул қилинган.

Унда таъкидланишича, референдум, Қирғизистон ёки унинг айрим ҳудудларида жорий этилган ҳарбий ёки фавқулодда ҳолатлар вақтида ўтказилмайди. 
Қонун овоз бериш жараёни бузилиши ва овозларнинг қалбакилаштирилишига йўл бермайдиган автоматлаштирилган технологияларни жорий қилишни, фуқароларнинг биометрик маълумотларидан фойдаланиш, референдум қатнашчиларининг электрон рўйхатини тузиш имконини кўзда тутади. 

Унда, шунингдек, референдумда берилган овозларни санаш ва натижасини эълон қилиш тартибига ойдинлик киритилган.