National Geographic журнали муқовасидаги фотопортрети орқали танилган, Покистон ҳукумати томонидан сохта ҳужжатлардан фойдаланганлиги учун ҳибсга олинган афғонистонлик қочқин Шарбат Гула гаров пули эвазига қўйиб юбориладиган бўлди. Бу ҳақида Покистон ички ишлар вазирлиги раҳбарининг маълумотига асосланиб, Hama Press агентлиги хабар берди

Шарбат Гула ўтган ҳафта Покистондаги уйида қўлга олинган эди, ҳукумат унинг бу ерда ноқонуний яшаб келганлигини гумон қилмоқда. Ундан шахсини тасдиқловчи Афғонистон ва Покистон ҳужжатлари тортиб олинган. Аёлга 14 йиллик қамоқ жазоси таҳдид солаётган эди. 

"Ўйлашимча, бу ишни қайта кўриб чиқаман, чунки у аёл киши ва биз бунга инсонийликдан четга чиқмаган ҳолда муносабатда бўлишимиз керак", - деди Покистон ички ишлар вазири Чоудри Нисар Али Хон. 

"Агар биз унга қўйилган айбловни бекор қилиб, уни депортация қилсак ёки Покистонни тарк этиши учун унга вақтинчалик виза берсак, у ҳолда аёлга сохта ҳужжатлар берган амалдорларга қарши иш очишга тўғри келади. Ҳақиқий жиноятчи аслида - улар, шу боис мен уларнинг жазосиз қолишини истамайман", - дея қўшимча қилди вазир. 

1985 йилда National Geographic журнали муқовасида сурати чоп этилгандан кейин Шарбат Гулани жаҳон таний бошлади. "Афғон қизи"нинг сурати Афғонистондаги қочқинлар лагерида журналист Стив Маккарри томонидан олинган. Ўша пайтлар Гула тахминан 12 ёшда бўлган. National Geographic муқовасида пайдо бўлган суратни баъзан Леонардо да Винчининг "Мона Лиза"сига қиёслашади ва "Афғон Мона Лизаси", деб аташади.