Россия президенти Владимир Путин Россия томонидан АҚШ билан ортиқча қурол плутонийсини утиллаштириш бўйича келишувнинг тўхтатилиши ҳақидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Қонун матнига кўра, келишувнинг амал қилишини Россия президенти қайта бошлаши мумкин. Путин бунга АҚШ НАТОга аъзо давлатлар ҳудудларида ҳарбий инфратузилмаси ва қўшинлари сонини қисқартириши шарти билан рози бўлиши мумкин.

Шунингдек шартлардан бири сифатида АҚШнинг Россияга нисбатан нодўстона сиёсатидан воз кечиши, жумладан Сергей Магнитский қонуни ва Украинадаги эркинликни қўллаб-қувватлаш қонунидаги Россияга қарши қаратилган бандлар, барча санкцияларнинг бекор қилиниши бор.

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябковнинг айтишича, келишувнинг тўхтатилиши Россиянинг ядровий қуролсизланиш соҳасидаги кўп томонлама мажбуриятларига таъсир қилмайди. 

Келишув плутонийни ядровий зарядларни яратишга яроқсиз ҳолга келтиришни кўзда тутган. Ҳар бир томондан бир неча мингта ядровий зарядни ишлаб чиқаришга етадиган 34 тонна қурол плутонийси утиллаштирилиши режалаштирилганди.

Россия келишувни бажариш учун барча зарурий инфратузилмани яратган, бироқ АҚШ буни қилмаган. Вашингтон ўз плутонийсини яроқсиз ҳолга келтиришни истамай, уларни бошқа моддалар билан аралаштириб, радиоактив чиқиндилар омборида сақлашни режалаштирган бўлган.