Германиянинг Mercedes-Benz компанияси S-Class таснифидаги автомобиллари учун янги двигателларини тақдим этди. Компаниянинг энг машҳур моделлари аввалгиларидан анчагина қудратли саккиз ва олти цилиндрли бензинда ҳаракатланувчи ҳамда ўз тарихидаги энг кучли дизелли агрегатларга эга бўлади. 
Рестайлинг қилинган S-Class машиналарига 4 цилиндрли, иккита турбинага эга V8 мотори ўрнатилади. Бу двигателларда Mercedes-AMG GT суперкари ва Mercedes-AMG E 63 суперседани моторларининг 4.0 технологияси қўлланилади. 

Янги «саккизлик» ҳозирги 455 от кучига эга, 4,7 литрли V8 моторни алмаштиради. Компанияда қайд этишларича, янги двигатель самарадорлиги эскисига қараганда 5 фоизга ошиши баробарида, ўртача ёнилғи сарфи 10 фоизга камаяди. Бунга, цилиндрларнинг ярмини кичик юкламаларда тўхтатувчи тизим туфайли эришилади. Мазкур тизим дақиқасига 900дан 3250гача айланишда ишга тушади.

Бундан ташқари, рестайлинг қилинган S-Class учун бир қаторли олтилик мотор ҳам ишлаб чиқилган. У паст кучланишларда қўл келувчи электр кучайтиргичга эга. Электр пургагич 48 вольтли тизимда ишлайди. Бу тизим илк бора Audi SQ7 моделининг «кучайтирилган» саккиз цилиндрли моторида қўлланилган.

«Мерседес»нинг янги мотори 407 от кучига эга бўлади. Ҳозирги S-Class моделларига ўрнатиладиган двигателларнинг кучи эса 333 от кучига тенгдир. 
Шу билан бирга, Mercedes-Benz компаниясининг машҳур моделлари учун 312 от кучига эга, бир қаторли «олтилик» дизель моторини ҳам тақдим этган. У 257 от кучига эга V6 агрегатини алмаштиради. Янги мотор ушбу компания тарихида оғир ёқилғида ишловчи энг кучли двигателга айланади.