Давлат департаментининг юқори лавозимли амалдори душанба куни Туркиянинг Фатҳуллоҳ Гулен ва унинг Пенсильваниядаги издошларига қўяётган айблови асосли эканини маълум қилди.  

Гулен ва унинг террорчи гуруҳи 15 июлга ўтар кечаси бўлиб ўтган, 270 кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳарбий тўнтарув ҳаракатини ташкиллаштириш учун масъулдир. Бош вазир Бинали Йилдиримнинг сўзларига кўра, Туркия Гуленни топширишни сўраб, АҚШ ҳукуматига расман мурожаат қилган. 

1979 йилда Туркия ва АҚШ ўртасида жиноий ишлар бўйича  ўзаро экстрадиция битими имзоланган. Туркия кўплаб жиноятчиларни АҚШга экстрадиция қилган бир пайтда Вашингтон ҳужжатда баён этилган шартлар йўқ бўлса, Гуленни топширишдан бош тортиши мумкин. 

Амалдор шахс журналистларга турк ҳукуматининг Гуленга қарши айбловлари жиддий эканлигини айтди. У бу мавзуда журналистлар учун брифинг ўтказди, бироқ бу масалани омма олдида муҳокама қилишга ваколати йўқлиги туфайли анонимликни сақлаб қолишни сўраган. 

Гулен 15 йилдан ортиқ вақт давомида АҚШнинг Пенсильвания штатида истиқомат қилади. 

Давлат департаменти вакили Гулен тасарруфидаги хайрия ва ўқув ташкилотлари шубҳали тузилмаларга эга эканлигини ва муайян режа асосида иш олиб борувчи уюшган жиноий гуруҳ каби ҳаракат қилганини айтган.

Брифинг Туркия адлия вазирининг бош прокурор Лоретта Линч билан экстрадиция борасидаги учрашувидан бир неча кун кейин бўлиб ўтган. Адлия вазири Бекир Бўздағ Гуленни Усома бин Лодинга қиёслаган ҳамда Вашингтон Гуленни Туркияга топширмаса, икки томонлама алоқаларга жиддий зиён етказиши мумкинлигидан огоҳлантирди. АҚШ НАТО аъзоси бўлган Туркияни террорчилик билан курашиш минтақасидаги муҳим иттифоқдоши, деб ҳисоблайди. 

АҚШ давлат департаменти ходими ҳукумат айни вақтда Туркиянинг Гуленга қарши далилларини кўриб чиқаётганлигини маълум қилди, лекин бу далиллар Гуленнинг ҳарбий тўнтарув ҳаракатига қадар содир этилган тахминий жиноятларга тегишли эканлигини қўшиб қўйди.