Буюк Британия, мамлакатнинг киберхавфсизлик бўйича янги Миллий стратегиясига мувофиқ, киберхавфсизлик соҳасида курашни кучайтириш мақсадида 1,9 млрд фунт маблағ ажратади. Бу пуллар келаси беш йилда мамлакатнинг киберкенгликдаги мудофаасини таъминлашга йўналтирилади, деб хабар қилмоқда Рейтер агентлиги Британия молия вазирлиги баёнотига асосланган ҳолда. 

Агентлик маълумотларига кўра, янги стратегия Британия бизнеси ва фуқароларини интернетда ҳимоя қилиш учун автоматлашган мудофаа тизимларини молиялаштириш ва киберҳужумлардан ҳимоя қилиш мақсадида ходимларни кўпроқ ёллаш имкониини беради. 

Янги дастурга кўра, мамлакат ҳукумати Киберхавфсизлик илмий-тақиқот институти ҳамда Челтнемда Инновация марказини ташкил этади. Бу марказ кибертехнологиялар соҳасидаги стартап компанияларга кўмак беради.