Буюк Британия MI5 бошқармаси раҳбари Эндрю Паркернинг баёнот беришича, Россиянинг «кучайиб бораётган таҳдиди» Бирлашган қиролликка нисбатан хавф солади, деб ёзмоқда The Guardian газетаси.

«Россия кўпроқ Ғарбга қарши чиқиш ва шунга мувофиқ ҳаракат қилиш билан ўзини намойиш этишга уринади», — деган Паркер.

Британия разведкаси раҳбарининг сўзларига кўра, «Россия ўнлаб йиллар мобайнида яширин хавф бўлган, бироқ, эндиликда таҳдид солишнинг замонавий усуллари мавжуд». MI5 бошлиғи ўз сўзларига Россиядан келиб чиқувчи кибертаҳдидларни мисол қилган. 

«Россия ташвиқот, жосуслик ва киберҳужумларни амалга ошириш ва хориждаги таҳдидли сиёсатини юритишда давлат органларининг кенг қамровли ваколатларидан фойдаланмоқда. Россия Европа ва Британияда ишламоқда. MI5 вазифаси бунга қаршилик кўрсатишдан иборат», — дея баёнот берган Британия разведкаси раҳбари. 

Паркернинг қўшимча қилишича, ҳозирги вазият Совуқ уруш давридан ривожланган киберқурол мавжудлиги билан тубдан фарқ қилади. 

Аввалроқ, ФҚБ раҳбари Жеймс Коми хакерлик ҳужумларида Россияни айблашга қарши чиққан эди.