Бристоль университети олимлари Робот техникалари лабараторияси ҳамда Кембриж университетидаги ҳамкасблари билан ҳамкорликда сув ўлчагич намунасидаги юмшоқ роботни яратишди. Роботнинг ўзига хослиги шундаки, у тирик организмларни истеъмол қилиш эвазига ўзига керакли энергияни олади. Бу ҳақида  "New scientist" нашрида маълум қилинди. 

Роботнинг овқат ҳазм қилиш тизими юмшоқ полимер мембранадан тайёрланган оғиз бўшлиғига ўхшаган материалдан иборат. Ошқозон ролини бактериялар билан   микробли ёнилғи элементи (MFC) бажаради. Улар биомассани қайта ишлашади ва бунинг натижасида MFC робот учун кимёвий энергияни электр энергиясига айлантириб беради.  Қайта ишланган материал роботнинг орқа қисмида жойлашган тешик орқали чиқарилади. 

Тадқиқотларнинг ушбу босқичида биомассани ютиш натижасида олинган энергия роботга етарли эмас, бироқ мутахассислар бу борада ўз изланишларини давом эттиришмоқда. Жамоа оғиз ва ичак учун юмшоқ материалларни қўллаш ҳисобига энергиянинг ортиқча сарфланишини қисқартиришга муваффақ бўлди. Бундан ташқари, MFC'даги бактериялар сонини кўпайтириб, маҳсулотнинг самарадорлигини оширди. 

Фото: Getty Images

Роботнинг афзалликларидан бири уни зарядлаш, батареяларни алмаштиришга ҳожат йўқлигидадир, яъни у инсон аралашувини талаб қилмайди. Бу роботни реал шароитларда - ифлосланиш даражаси юқори бўлган сув ҳавзаларида ишлашига мос эканлигини кўрсатади.