Сешанба, 1 ноябрь куни Хитойнинг Чжухай шаҳрида Халқаро авиация-космик кўргазмаси Airshow China-2016 очилди. 6 ноябргача давом этувчи кўргазманинг ишчи дастурларида мазкур турдаги техникаларни ишлаб чиқарувчилар ва харидорлар ўртасида савдо шартномалари имзоланиши кутилмоқда. 

Кўргазмада ҳарбий ва фуқаролик авиатехникаси, космик техника ва қурилмалар, авиаускуналар ва қуроллар, авиация ва ракета двигателлари, аэропортлар учун навигация ускуналари каби техникалар намойиш этилади. 

Ташкилий қўмитанинг ТАСС агентлигига маълум қилишича, авиасалонда 700дан ортиқ компания иштирок этмоқда. Уларнинг 45 фоизи хорижий мамлакатлар корхоналаридир. Экспозициялар 11та павильонда жойлаштирилган. Стратегик майдончада 150дан ортиқ парвоз қилувчи аппаратлар намойиш этилмоқда. Кўргазма ишини ёритиш мақсадида 315та ОАВ рўйхатдан ўтган. 

Маълум қилинишича, Россия мудофаа саноати кўргазмада 220дан ортиқ турли маҳсулотини харидорлар эътиборига ҳавола этади. Кўргазма мезбони Хитой ҳам авиация соҳасидаги янги маҳсулотлари ва ютуқларини намойиш этишга қарор қилган.