Исроил ҳукумати Германиядан учта сувости кемасини харид қилиш бўйича шартнома имзолашни режалаштираяпти. Бу ҳақда, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Кнессетнинг 20-чақириқ қишки сессияси очилишида баёнот берган. 

"Қишки сессия чоғида биз Германия билан учта сувости кемасини барпо этиш бўйича шартнома имзолаймиз", - деган Нетаньяху. 

Исроил бундан аввал, Германиядан олтита "Дельфин" русумли сувости кемаларини харид қилган эди. Улар айни вақтда мамлакат мудофаа армияси сафидаги энг қиммат техникалар ҳисобланади. Ушбу субмариналарнинг олтинчиси 2018 йилда харидор ихтиёрига етиб келади.  

Исроил телевидениеси тўққизинчи каналига кўра, олтинчи кема армия сафига қўшилиши билан "Дельфин"ларнинг эскирган моделлари сафдан чиқарилади. 

"Дельфин" номли дизель-электрли сувости кемаларининг нархи олтитаси учун Исроил ҳукумати 500 млн евродан бироз камроқ тўлаган. Исроил ОАВ хабарларига кўра, бу маблағнинг ярмини Германия ҳукумати қоплаб беради. Шу билан бирга, ғарб матбуоти бу турдаги кемалар жанговар ракеталарни ҳам элтиши мумкинлиги ҳақида ёзмоқда.