Қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 660 минг тонналик захирасини яратилади. Бу ҳақда ЎзА “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси раиси Зафар Файзиевга асосланиб хабар берган.

"2016-2017 йил қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 660 минг тонналик захирасини яратиш чоралари кўрилмоқда. 175 минг тонна картошка, 139 минг тонна пиёз, 46 минг тонна бошқа сабзавотлар, 105,8 минг тонна мева шулар сирасидан", деган у.

Зафар Файзиевнинг сўзларига кўра, 2011-2016 йилларда бу йўналишда қарийб 70 миллиард сўм йўналтирилиб, умумий сиғими 68 минг тоннага тенг бўлган 50дан зиёд совутгичли камералар фойдаланишга топширилди. “Наманганулгуржисавдоинвест”, “Қашқадарётижоратсавдо” жамиятларидаги ҳар бири 3 минг тонналик, “Бекободгўштсутсавдо”даги 2 минг тонналик, “Фарғонагўштсутсавдо”даги 4,2 минг тонналик омборлар шулар жумласидандир. Уюшма корхоналари ва шаҳарларда жамғарилган 330 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мазкур омборларда сифатли сақланиб, қиш-баҳор ойларида ички бозорга пешма-пеш етказиб берилмоқда. 

 Шу йилнинг ўтган даврида корхоналаримизда 4 минг тонналик совутгичли сиғим ишга туширилди. Натижада юртимизда фойдаланишга топширилган бундай объектларнинг умумий ҳажми 98,5 минг тоннага етади. Бу борадаги ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилиб, 2016-2020 йилларда 325 минг тонналик совутгичли замонавий омборхоналар ишга туширилиши режалаштирилган.

Мамлакатнинг барча ҳудудида махсус омборлар қурилиб, маҳсулотларни сақлаш технологияси такомиллаштирилаётгани сақланадиган мева-сабзавотлар тури ва ҳажми ошишида муҳим омил бўлмоқда. 

"Маҳсулотларнинг ички бозордан ортгани экспортга чиқарилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида карам, гилос, помидор, бодринг, сабзи, кўкат, қуритилган мева каби маҳсулотлар Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Хитой ва бошқа давлатлардаги буюртмачиларга етказиб берилди. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Хоразм, Наманган, Қашқадарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари корхоналарининг улуши салмоқли бўлди", деган “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси раиси.