ИШИДга қарши АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция Мўсулдаги амалиётлари доирасида Суриянинг Раққа шаҳрини тўсиб қўйишни режалаштираяпти. Шу билан ироқлик жангариларнинг Суриядаги гумашталаридан ёрдам олишига йўл қўйилмайди, деб ёзмоқда "Известия" газетаси "Тебранмас қатъият" амалиёти қўмондонлигига таянган ҳолда.

Аввалроқ, АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер коалиция бир неча ҳафтадан сўнг, ИШИДнинг Суриядаги пойтахтини озод қилиш амалиётини бошлашини билдирган эди. Раққага ҳужум сўнгги вақтларда ИШИДга қарши кенг қамровли махсус амалиётнинг иккинчи йирик босқичи бўлади. Октябрь ойи ўртасида Ироқ хавфсизлик кучлари АҚШ ва бошқа иттифоқчилар ёрдамида Мўсулни жангарилардан озод қилишга киришганди. 

АҚШ давлат котиби ўринбосари Энтони Блинкеннинг сўзларига кўра, айни вақтда Мўсулда 5-6 минг жангари мавжуд, бироқ Ироқ қўшинлари тез ва кескин ҳаракат қилмоқда. 

31 октябрь куни Туркия бош вазири ўринбосари Нўъмон Куртулмуш Раққани ИШИДдан озод қилиш амалиётини Туркия армиясининг Сурия шимолидаги "Фрот қалқони" ҳарбий амалиёти якунлангач ва Мўсул жангарилардан тозалангач, ўтказиш лозим, деган фикрни билдирган эди. 

"Тебранмас қатъият" амалиёти штабида маълум қилишларича, Раққада ғарбпараст коалиция ва суриялик иттифоқчилар иштирокида амалиёт ўтказилмоқда. Бундан кўзланган мақсад, "ўзларини халифалик деб эълон қилган ташкилот пойтахтини Ироқдаги бош қўрғони — Мўсулдан ажратиб қўйишдир".