Озарбойжонлик журналист Рауф Мирқодиров Швейцарияда сиёсий бошпана берилишини сўрамоқда. Аввалроқ у ерда унинг оиласи бошпана олганди.

Журналистнинг бошпана олишга ариза бергани ҳақида унинг адвокатига иқтибос келтирган ҳолда бир қатор ахборот агентликлари маълум қилган.  

Рус тилида чоп этиладиган "Зеркало" газетасининг журналисти 2014 йилда Туркияда ушланган ва у ердан Озарбойжонга депортация қилинган. Журналист оиласи Туркияда қолган ва кейинроқ Швейцарияда сиёсий бошпана олган.

2015 йилда журналист давлатга хиёнат қилганлик учун 6 йиллик қамоқ жазосига тортилганди. Айблов ҳукмида ҳуқуқ ҳимоячиси Лейла Юнус журналистни Арманистон разведкасига ишлашга ёллагани айтилган.

Март ойида ҳакамлик суди журналистга берилган жазони 5 йиллик шартли муддат билан алмаштирган. Журналистнинг ўзининг айтишича, у ҳеч қачон Арманистон ёки бошқа бир давлат махсус хизматлари билан иш кўрмаган. У жазо ҳукмининг тўлиқ бекор қилинишини истамоқда.

Журналистга 2016 йил ёзида оиласи билан кўришиш учун хорижга чиқишга рухсат берилган. Унинг таъкидлашича, у оиласи билан бирга бўлишни истагани ва Озарбойжонда унинг эркинлиги ва ҳаёти хавф остида бўлгани учун бошпана берилишини сўраган.