Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевнинг баёнотига кўра, Афғонистон шимолидаги террорчиларнинг қароргоҳлари Россия ва Марказий Осиё мамлакатларига бевосита хавф солади. Бу ҳақда, РИА «Новости» агентлиги хабар қилмоқда.

«Афғонистонда террорчилар позицияларининг кучайиб бораётгани ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси ўсаётгани кузатилмоқда. Бу жангариларнинг асосий молиявий манбалари ҳисобланади», — деган Патрушев.

Унинг қўшимча қилишича, мамлакатда афғон толибларидан ташқари Покистондан келган толиблар ҳам фаолият юритади. Бундан ташқари, минтақавий экстремистик ташкилотлар, жумладан «Ўзбекистон Ислом ҳаракати», ИШИД ва «Ал-Қоида» ҳам мавжуд. 

Патрушевнинг таъкидлашича, расмий Москва Афғонистондан келувчи террористик таҳдидларга қарши курашишда илғор ҳаракат қилишга уринмоқда.