Япониянинг Sharp компанияси iPhone қурилмаларининг кейинги авлоди учун OLED-матрицалар ишлаб чиқармоқда. Бу ҳақида фирма бош директори Тай Жен-ву берган маълумотга асосланиб, Mashable нашри хабар берди.

"iPhone ривожланиб бормоқда ва ҳозир LTPS'дан OLED-панелларга ўтмоқда", - деди Жен-ву Тайбэйдаги (Тайвань) Татунг университети талабаларига мурожаат қилиб. У инновацион маҳсулот яратишни истовчи компания учун бу ягона йўл эканлигини таъкидлади. 

Бундан ташқари, Жен-ву Sharp Японияда OLED-панелларни ишлаб чиқарувчи янги завод қураётганини маълум қилди. Бош директор, шунингдек, Қўшма Штатларда дисплейлар ишлаб чиқариш режасига ҳам тўхталиб ўтди: "Агар бизнинг асосий мижозимиз биздан ишлаб чиқаришни АҚШга кўчиришни талаб қилса, нима учун бундай қилмаслигимиз керак экан?!"

Октябрь ойи охирларида ОАВ Apple'нинг 2017 йилда уч хил вариантдаги iPhone 8'ни ишлаб чиқариши мумкинлиги ҳақида маълум қилганди. Стандарт 4,7- ва 5,5- версиялардан ташқари, 5 дюйм диагоналли смартфон ҳам пайдо бўлиши мумкин.