Таиланд вазирлар маҳкамаси сешанба куни 14 ноябрдан, яъни қирол Пхумипхон Адулъядет ўлимидан бир ой ўтгач, кўнгилочар теледастурлар намойишини қайта тиклашга рухсат бериш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақида журналистларга мамлакат бош вазири генерал Прают Чан-Оча хабар берди, қисқа интервью Таиланднинг Учинчи миллий канали орқали намойиш этилди. 

"Шунга қарамай, телеканаллар мамлакат мотамда эканлигини унутмасликлари керак. Кўрсатувларда вазмин оҳангни сақлаб туриш лозим, бу айниқса ҳажвий  кўрсатувларга тааллуқли", - қўшимча қилди ҳукумат раҳбари. 

Таиландда 13 октябрда ҳаётдан кўз юмган қирол ўлими муносабати билан бир йиллик мотам эълон қилинган. Қирол ўлимидан сўнг ҳукумат телевидение орқали бир ой давомида кўнгилочар дастурлар намойишини тақиқлаб қўйганди. Шунингдек, ҳукумат мамлакат фуқаролари ва барча ташкилотлардан бу давр ичида бўлиб ўтиши режалаштирилган тадбирларни бекор қилишни сўраганди.