2016 йилнинг 8-10 ноябрь кунлари  Тошкентда I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси  бўлиб ўтади. Мамлакатимизда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, экологик тоза маҳсулот етиштириш ва атроф-муҳитни соғломлаштириш доимий эътиборда. "Ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот маркази" давлат унитар корхонасида қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандаларига қарши трихограмма, бракон, олтинкўз каби энтомофаглар кўпайтирилиб, саккиз юздан ортиқ биолаборатория ҳамда дехқон ва фермерларга бирламчи биомаҳсулот етказиб берилмоқда. Жорий йилда биргина трихограмма паразити – энтомофаг 11 тоннадан ортиқ етиштирилди. Бу атроф-муҳит тозалигини ва инсон саломатлигини асрашга хизмат қилади, дейилади ЎзА сайтида чоп этилган мақолада. 

– Зараркунанда ва касалликларга қарши курашда экологик соф усуллардан фойдаланиш, биологик  маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва қўллаш бўйича Ўзбекистон дунёда етакчи ҳисобланади, – дейди мазкур корхона мутахассиси Азимжон Анорбоев. – Етиштирилаётган мева-сабзавотларнинг 90 фоиздан ортиғи биологик усул ёрдамида парваришлангани боис жаҳон бозорида, хусусан, Япония, Жанубий Корея, Европа мамлакатларида уларга талаб ортиб бормоқда. 

Маълумки, органик қишлоқ хўжалиги – атроф-муҳитга зарар келтирадиган кимёвий воситалардан фойдаланмасдан биологик хилма-хилликни асрайдиган, экотизимни яхшилайдиган, тупроқ унумдорлигини оширадиган, инсонлар саломатлигини муҳофаза қиладиган ишлаб чиқариш тизими ҳисобланади. 

Дунё мамлакатларида экологик тоза маҳсулот етиштириш ва унга талаб тобора ортмоқда. Бу юртимиз фермеру тадбиркорлари учун янги экспорт имкониятларини очади. 

– Органик маҳсулот етиштиришда синтез асосда тайёрланган кимёвий пестицидлар, минерал ўғитлар, антибиотиклар, ўсимликларни ўстирувчи сунъий моддалар ва озуқа қўшимчаларидан фойдаланилмайди, – дейди Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги «Нурафшон» фермер хўжалиги раҳбари Шарифжон  Каримов.  –  Алмашлаб экиш имкониятларидан имкон қадар кенгроқ фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги экинларининг касалликлари ва зараркунандаларга қарши биологик кураш усулини қўллаяпмиз. Ерни шудгорлаш, унга ишлов бериш эҳтиёткорлик билан олиб борилади. Етиштирилаётган органик маҳсулот инсон саломатлиги учун ижобий хусусиятларга эгалиги боис истеъмолчилар томонидан жуда қадрланади.  

Мутахассисларнинг маълум қилишича, юртимизда азалдан органик деҳқончилик мавжуд бўлса-да, бундай усулда етиштирилган маҳсулотларни муайян асослар бўйича таснифлашда етарли даражада илмий мезонлар ишлаб чиқилмаган. Яъни, маҳсулотнинг ўзи бор-у, лекин унинг экологик тоза эканлигини тасдиқловчи меъёрлар ва стандартлар тайёрланмаган. Шу сабаб органик  тоза маҳсулот стандартлари, уларни тартибга соладиган ва маркировка қиладиган ҳуқуқий асослар яратилмоқда. Масалан, фермер органик маҳсулот етиштириш қоидаларига риоя этган ҳолда узум етиштирди ва бу маҳсулот истеъмолчиларга бориб етди, дейлик. Бунда маҳсулотни етиштириш, қадоқлаш, омборда сақлаш, транспортда ташиш, савдо майдончаларига жойлаштириш сингари барча босқичлар сертификатланади. Келгусида мамлакатимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари «органик» деган мақоми билан сифати нисбатан паст, импорт озиқ-овқат маҳсулотларидан ажралиб туриши ва сифат жиҳатдан рақобатбардош бўлиши шубҳасиз.    

Олимлар экологик тоза маҳсулот инсон соғлиғига зарар етказмаслиги, келажак авлод саломатлигига салбий таъсир кўрсатмаслиги ва юқори ижтимоий-иқтисодий самарага эга бўлишини асослаб беришган. Тадқиқотларга кўра, экологик тоза маҳсулотлар истеъмол қилинганда инсоннинг ўртача умр кўриш ёши ортиши, аҳоли орасида ҳар хил касалликлар тарқалиш даражаси ҳамда болалар ўлимининг камайиши ва бошқа муҳим ижобий кўрсаткичларга эришилган.

Марказда сабзавот экинларининг асосий зараркунандаларига қарши такомиллашган кураш усулларини ишлаб чиқиш борасида ҳам илмий изланишлар давом этмоқда.