Бир ой аввал Россияда ҳашамат борасида кимдир Элина Бажаевани ортда қолдиришини тасаввур қилиш қийин эди: унинг тўй кўйлаги бадавлат отаси Мусо Бажаевга 20 миллион рублга тушган эди. Россиядаги энг қимматбаҳо келин номи Элинадан тожикистонлик Мадина Шокировага ўтди. Мадина - тожик олигархи Илҳом Шокировнинг қизи. У Москва шаҳрида Сардор исмли йигитга турмушга чиқди. Тўй тантанаси Radisson Royal меҳмонхонасининг "Конгресс-парк" залида бўлиб ўтди. Нуфузли оила вакиллари у ерга 900 кишини таклиф қилишди. Гуллар билан безатилган улкан иншоотда келин ўзининг тўй кўйлаги билан ҳаммани лол қолдирди. Ушбу тўй ҳақида "Лайф" нашри хабар берди. 

Мадина Шокирова эксклюзив эскиз учун кавказ келинлари орасида талабгор бўлган дизайнер - ливанлик Зуҳайр Муродга эмас, британиялик модельерлар Тамара Ральф ва Майкл Руссоларга мурожаат қилди. Ralph & Russo брендининг сўровлари Зуҳайр Муродникидан анча юқори эканлиги маълум бўлди: Haute Couture коллекциясидаги тўй кўйлаги учун британиялик модельерлар 500 минг фунт стерлинг (40 миллион рубль) сўрашди. Ҳақиқий қироличалар либосига кумуш металл ипда ишлов берилган, у бир неча минг  марваридлар ҳамда Сваровски кристаллари билан безатилган. Жаҳон кино ва шоу-бизнес юлдузлари орасида Ralph & Russo брендига талаб катта.

Фото: Life.ru

Келиннинг дугоналари Мадинанинг кўйлагига ҳавас билан термулаётган вақтда меҳмонларга Иван Ургант, Алла Михеева ва қўшиқчи Глюкоза, шунингдек, ўзбекистонлик бошловчи Нилуфар Сотиболдиева ва "Ялла" гуруҳи солисти Фаррух Зокиров хизмат кўрсатишди. "Конгресс-парк" саҳнасида Филипп Киркоров ўзининг шоу-балети билан қатнашди. Келин-куёв рақси доғистонлик қўшиқчи Тимур Темировнинг "Небо над землей" сокин қўшиғи остида ижро этилди. Шунингдек, Сосо Павлиашвили ва Леонид Агутин ҳам ўз иштироклари билан тўй оқшомига файз бағишлашди. Меҳмонларга Марказий Осиё таомлари ва таниқли қандолатчи Ренат Агзамов томонидан тайёрланган торт тортиқ қилинди. 

Тўй олдидан келин икки марта "қиз мажлиси" ўтказди: биринчиси Испаниянинг Марбельесида бўлса, иккинчиси Москванинг энг қимматбаҳо ресторанларидан бири Balzi Rossi'да. Мадина Испанияга ўзининг энг яқин дугоналари билан бирга хусусий самолётда бориб келди. 

Фото: Life.ru

Келиннинг отаси — тадбиркор Илҳом Шокиров Тошкентнинг энг қимматбаҳо "Гранд" меҳмонхонаси ҳамда Ўзбекистондаги "Демир" кўнгилочар марказларининг 65 фоизи, шунингдек Подмосковьедаги бир неча меҳмонхоналарга эгалик қилади.