Россияга турк цитрус меваларининг етказиб берилишига ўтган ҳафта старт берилди. Бу ҳақида 1 ноябрь, сешанба куни Туркия озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик вазирлигининг матбуот котиби Умар Экши хабар берди. Бу ҳақида РИА "Новости" маълум қилди

"Цитрус меваларининг Туркиядан Россияга етказилиши ўтган ҳафтада йўлга қўйилган", - деди матбуот котиби.

Жорий йилнинг октябридан 2017 йилнинг мартига қадар Туркия Россияга 600 минг тоннадан ортиқ цитрус мевалари етказиб беришни режалаштирган. Бу ҳақида турк цитрус мевалари импорти билан шуғулланувчи гуруҳ президенти Али Ковак "Интерфакс"га маълум қилди. 

Бунга қадар Туркиянинг Россия цитрус бозоридаги улуши 34,5 фоизни ташкил қилган. Россия аҳолиси йилига 1,6 миллион тонна цитрус мева истеъмол қилади. "Агар бунга узум, анор, помидор ва бошқа маҳсулотларни қўшсак, 60 фоиздан ортиқ мева-сабзавот маҳсулоти Туркия томонидан етказиб берилган, дейишимиз мумкин", - дейди Ковак. 

25 октябрда Россия Федерал божхона хизмати раҳбари Владимир Булавин яқин кунларда Туркиядан цитрус меваларининг етказиб берилиши бошланишини айтганди.