Туркиянинг илк курд аёллари ахборот агентлиги JINHA мамлакат ҳукумати агентликни ёпганини маълум қилди. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

29 октябрда Resmi Gazete расмий нашри Туркияда амал қилаётган фавқулодда вазият тартиби сабабли яна 15 та ОАВ ёпилиши эълон қилинган ҳукумат қарорини чоп этганди. Бу ОАВ Туркиянинг асосан курд аҳолиси кўпчиликни ташкил қиладиган ҳудудида жойлашган. 

"JINHA агентлиги ҳукумат қарори билан ёпилди. Бизнинг идора муҳрланиб қўйди. Аёллар овози тақибларга учрамоқда. JINHA жим туролмайди", деб айтилди агентликнинг Facebook’даги аккаунтида.

JINHA, шунингдек, Анқарада яна бир курд агентлиги – DIHA’нинг офиси ёпилганини маълум қилди.