Тошкент шаҳрида бунёд этилиши давом эттирилаётган метро қурилиши энди «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилади. Бу ҳақда  «Ўзбекистон темир йўллари»акциядорлик жамиятининг жорий йил 9 ойи давомида ижтимоий-иқтисодий фаолияти якунлари ва келгусида амалга оширилиши кўзда тутилаётган лойиҳаларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинган.

«Бугунги кунда Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишидаги иккита янги бекатда қурилиш ишларини якунлаш, янги ер ости ва ер усти тезюрар метро йўналишларида қурилиш ишлари бошланди», дейилган ЎзА хабарида

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 18 сентябрь куни  Тошкент метросининг «Юнусобод» йўналишидаги иккита бекатда қурилиш ишларини якунлаш юзасидан топшириқ берганди.

Маълумот учун, Тошкент метрополитенининг «Юнусобод» йўли 2001 йили ишга туширилган бўлиб, ҳозирги вақтда олтита — «Шаҳристон», «Бодомзор», «Минор», «Абдулла Қодирий», «Юнус Ражабий» ва «Мингўрик» бекатларидан иборат, йўналишнинг узунлиги 6,4 километрни ташкил этади.

Тошкент метрополитени вагонларида йўловчилар эътиборига ҳавола қилинган расмий харитада, «Юнусобод» йўналишида лойиҳавий номи «Файзулла Хўжаев», «Юнусобод», «Туркистон» бўлган станциялар қурилаётган бекатлар ҳисобланади.

Бундан ташқари, «Юнусобод» йўналишининг Тошкентнинг жанубий туманларини қамраб олувчи лойиҳалаштирилган бўлагида «Бобур», «Тўқимачи», «Усмон Носир», «Жанубий» каби бекатларнинг қурилиши кўзда тутилган.