Ўзбекистон Республикаси Конституциясида қайд этилганидек, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Бу кафолат туфайли биз ҳар куни осуда тонгда оиламиз бағрида нонушта қиламиз. Хотиржам ишга отланамиз, ўйлаган режаларимизни амалга оширамиз. Бу бахтли ҳаёт кафолатидан доим баҳраманд бўлиш учун биз зиммамиздаги бурч ва масъулиятимизни амалга оширишимиз, қонунларга қатъий риоя этишимиз шарт, дейилади ЎзА сайтидаги мақолада. 

Акс ҳолда тошкентлик Хатирян Гаитовага ўхшаб адашиб қолиш ҳеч гап эмас. Гарчи бу аёл қонунларни яхши билган, уни ҳатто бошқаларга ўргатадиган ҳуқуқшунос бўлса-да, уни четлаб ўтаман, деб қаттиқ адашди. Нотариус лавозимида ишлаётган Х.Гаитова ҳужжатларни сохталаштиришдек жиноятга бош қўшгани учун тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан 2016 йил 12 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарор билиб-билмай адашган, қилмишидан тўғри хулоса чиқарган кишилар учун катта имконият яратди. Қарор моҳиятида халқимизга хос кечиримлилик, бағрикенглик, инсонпарварлик тамойиллари муҳим ўрин тутган бўлиб, унда биринчи навбатда аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар, чет эл фуқаролари, ногиронларни жазодан озод қилиш назарда тутилган.

Хусусан, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган жазони ижро этиш муассасасида қарор ижросини таъминлашга оид бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида маҳкума Х.Гаитовага нисбатан амнистия актини қўллашга оид иш кўриб чиқилди. Суд, прокуратура, ички ишлар идоралари масъул ходимлари билан бир қаторда иштирок этган сенаторлар, депутатлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари маҳкума билан очиқ мулоқот қилиб, унинг чин кўнгилдан пушаймонлиги, хатосидан тўғри хулоса чиқарганини инобатга олиш лозимлигига эътибор қаратди. Суднинг ажрими эълон қилинди: Х.Гаитова амнистия актига асосан жазодан муддатидан олдин озод этилди.

Суднинг ажримига мувофиқ жазодан озод этилганлардан яна бири Ўрта чирчиқлик Феруза Нурматова. У ёш қизларни алдаш йўли билан мамлакатдан чиқариб, одам савдоси қурбони бўлишига сабаб бўлган. Бу тубан қилмиши билан у аёл, она деган муқаддас номга доғ туширибгина қолмай, ўз фарзандларини қаровсиз қолдиришга, панжара ортида ўтиришига тўғри келди. Бу ерда у қаттиқ янглишганини, ҳаётда пулдан муҳимроқ, азизроқ нарсалар борлигини тушуниб етди.

– Дунёда озодликдан улуғроқ неъмат йўқ экан, – дейди Ф.Нурматова. – Шу неъмат туфайли биз фарзандларимиз қуршовида бахтли ҳаёт кечирарканмиз. Ҳукуматимиз мен каби адашганларни афв этиб, тўғри йўлга тушишимиз учун имконият берди. Энди фақат ҳалол меҳнат билан эл-юртга фойда келтираман.

– Уч йилга озодликдан маҳрум этилгандим, – дейди навоийлик Шаҳноза Қурбонова. – Давлатимизнинг мен каби адашганларга ғамхўрлик кўрсатиб, айбимизни афв этгани учун қисқа муддатда озодликка чиқяпман. Аслида аёл нафақат оилада, балки жамиятда ҳам ўз ўрнини йўқотмаслиги, бунинг учун фақат ҳалол меҳнат қилиши кераклигини кеч бўлса-да, англадим.

Қарор ижросини таъминлаш жараёнида жазони ўташ жойларидан озодликка чиқарилганларнинг ижтимоий-маиший таъминоти ва уларни ишга жойлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларда меҳнат шароитига кўникма ҳосил қилиш учун барча имконият ишга солинмоқда. Ҳокимликлар ҳузуридаги махсус комиссиялар, ижтимоий кўникма марказлари томонидан уларга ижтимоий-маиший, моддий ёрдам кўрсатилмоқда, деб якун ясалган мақолада.