Ўзбекистонда 2016-2017 йиллардаги қиш-баҳор мавсумига асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан 660 минг тонна ғамлаб қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда ЎзА ахборот агентлигига "Ўзбекозиқовқатзахира" уюшмаси раиси Зафар Файзиев маълум қилди.

"Бундан 175 минг тоннани картошка, 139 минг тоннани пиёз, 46 минг тоннани бошқа сабзавотлар, 105,8 минг тоннани мевалар ташкил қилади", деб айтди Файзиев.

Файзиевнинг айтишича, охирги 6 йил ичида мамлакатда умумий сиғимдорлиги 68 минг тонна бўлган 50 дан кўпроқ музлатгич камералари қурилган. Уларнинг бугунги кундаги сиғимдорлиги 98,5 минг тоннани ташкил қилади. 2021 йилгача яна қўшимча 325 минг тонналик музлатгич камералари қуриш мўлжалланган.

Ортиқча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинмоқда. Файзиевнинг айтишича, йил бошидан Россия, Қозоғистон, Озарбойжон, Қирғизистон, Хитой ва бошқа давлатларга карам, гилос, помидор, бодринг, сабзи, кўкатлар, қуруқ мевалар экспорт қилинган.