Воронежлик 32 ёшли Андрей Соловьёв 100 кундан ортиқ вақт давомида Ёқутистон шимолидаги Лабинкир кўли бўйидаги уйда яшаб келмоқда. Экстремалнинг алоқа воситалари йўқ, у саёҳатга ўзи билан бирга иссиқ кийиминигина олган. Бу ҳақида TJ нашри хабар берди. 

Энг яқин аҳоли пункти Соловьёв турган уйдан 100 километр узоқликда жойлашган. У билан воронежлик саёҳатчининг тақдирига қизиққан Россия география жамиятининг Оймякон бўлими вакиллари мулоқот қилишга муваффақ бўлишди. 

Соловьёв бу атрофларда бир неча бор ёввойи ҳайвонларга дуч келган бўлишига қарамай, ўзи билан бирга қурол олиб кетмаган.  

"Лабинкирга келаётганимда йўлда айиқни учратдим. Унинг вазни тахминан 200 килограммча эди, мендан 150 метр наридан ўтиб кетди. У дастлаб мени кўрмади, мен фотоаппаратни олиб, уни тасвирга туширдим. Айиқ менга қараб келаётган эди, аммо негадир яқинлашмай қочиб кетди. Яқинда эрталаб туриб чиқиб, буғуни кўрдим", - дейди Александр. 

Фото: SakhaPress

Сайёҳ бу ерларда баҳорга қадар қолишни режалаштирмоқда. Кучли совуқ ва шамол уни қўрқита олмайди — Соловьёв ўзини бунга тайёр, деб ҳисоблайди. 

Унинг сўзларига кўра, Томтордан Лабинкиргача бўлган 325 километр масофани 10 кунда пиёда босиб ўтган. 70 килограммли юкини эса иккига ажратиб ташиган. 

Фото: News.Ykt.ru

Александр ўзи билан ортиқча озиқ-овқат ва кийим-кечак олмаган, балиқ ҳамда ўсимликлар заҳиралари билан озиқланади. 

Фото: News.Ykt.ru

"Мен тонгги соат 6да уйқудан тураман. Кўл музламасидан аввал у ерда чўмилаётгандим, ҳозир эса қор билан артиняпман. Шундан сўнг нонушта қиламан. Пешингача ўтин ёриш билан шуғулланаман, сўнг кўл атрофида айланаман, баъзан тоғларга чиқаман. Маҳаллий ҳудудни сайр қиламан, тахминан 5-7 километр пиёда юраман, ундан узоғига бормайман", - дейди Александр. 

Фото: News.Ykt.ru