Европа чемпионлар лигасининг 4-турида биринчи кунги ўйинлардан кейин 4та жамоа муддатидан аввал кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди.

А гуруҳида «Арсенал» ва «ПСЖ» мос равишда «Лудогорец» (3:2) ҳамда «Базель» (2:1) жамоаларини енгиб, очколари сонини 10тага етказди. «Лудогорец» ва «Базель» жамоалари плей-оффга чиқишдан умид узди. Биттадан очкога эга бўлган бу жамоалар 10тадан очко тўплаган «Арсенал» ва «ПСЖ»ни кейинги 2 турда қандай натижалар қайд этилишидан қатъи назар қувиб ўта олмайди.

D гуруҳида «Атлетико» ва «Бавария» турнирнинг кейинги босқичига чиқиб бўлди. Бу жамоалар 4-турда мос равишда «Ростов» (2:1) ва «ПСВ Эйндховен» (2:1) жамоаларини мағлуб этди.

Эндиликда «Атлетико» 12 очко тўплаган, «Бавария» ҳисобида 9 очко бор ва бу жамоалар муддатидан олдин кейинги босқичда. Биттадан очко билан қолган «Ростов» ҳамда ПСВ кейинги босқичга чиқиш учун курашдан чиқди ва Европа Лигаси йўлланмаси учун ўзаро рақобатлашади.