Европа Иттифоқи ҳанузгача Анқара томонидан имзоланган миграцион битим бўйича тақдим қилиши керак бўлган 3 млрд еврони бермади, деб айтди Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда.  

"Биз 3 миллион қочқин қабул қилмоқдамиз. Европа Иттифоқи июлгача бизга 3 млрд евро беришга ваъда берганди. Биз улардан бор-йўғи 200-250 млн евро олди. Нимага? Чунки улар риёкор ва инсофсиздирлар. 3 млрд берамиз дейишди ва ҳанузгача "беришмоқда", деб айтди Эрдўған Истанбулда ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти йиғилишида.

Эрдўған Европа Иттифоқи миграция муаммоси билан Туркия Европа Иттифоқи билан чегараларини қочқинлар учун очишга тайёрлигини айтгандан кейингина ташвишланиб қолганини айтди.

"Биз эшикларни очишимиз мумкинлигини айтишимиз биланоқ улар хавотирланиб қолишди. "Нима қилмоқчисизлар?" деб сўрашди. "Қанақасига нима? Бу одамлар сизларга боришни исташмоқда, шунинг учун биз уларни қўйиб юбормоқдамиз" деб жавоб берганимиздан  кейин улар дарров ташвишга тушиб қолишди! Улар учун ҳеч қандай инсон ҳуқуқи деган тушунча йўқ. Биз уйғониб, ўзимизга келишимиз керак", деб айтди Эрдўған.