ФИФА Англия, Шотландия ва Уэльс терма жамоалари ЖЧ-2018 саралаши доирасида шу ойда ўтказиладиган учрашувларга лола-қизғалдоқ расми туширилган боғичлар тақилган футболкалар кийиб тушишига рухсат берди. Бу ҳақда Mirror хабар қилган.

Лола-қизғалдоқ тасвири Буюк Британияда ҳарбий ихтилофлар қурбонлари рамзи ҳисобланади. 11 ноябрь куни мамлакатда Британия ҳамдўстлиги мамлакатларининг ҳарбий ихтилофларда ҳалок бўлган аскарларни ёдга олиш кунидир.

ФИФА лола-қизғалдоқ сиёсий рамз эканлигини айтиб, ушбу рамз туширилган футболкада ўйин ўтказишни тақиқлаганди. ФИФА қоидаларига мувофиқ, футболчиларнинг либосларидаги тасвирлар диний ёки сиёсий маънога эга бўлиши керак эмас.

Аммо эндиликда томонлар бу борада келишувга эришган ва боғичлар мотам белгиси сифатида тақилади.

Англия терма жамоаси 11 ноябрь куни Шотландияни қабул қилади, Уэльс эса 12 ноябрь куни Сербия билан ўйнайди.