Греция муҳожирларга ёрдам кўрсатиш масаласи бўйича ўз мажбуриятларини бажаришнинг уддасидан чиқмаган Европа Иттифоқини қоралади. 

"Европадан жаҳлимиз чиқмоқда, чунки у охир-оқибат ЕИ ва Туркия ўртасидаги келишувни амалга оширишда муҳожирларни етказиш ва уларга ёрдам кўрсатиш масаласи нуқтаи назаридан ўз мажбуриятларини бажариши керак", - деди миграция вазири Яннис Моузалас Ert1 телеканалида. 

У 111 нафар суриялик қочқиндан иборат гуруҳнинг муҳожирларни ЕИ мамлакатларига қайта тақсимлаш дастури доирасида Грецияни тарк этиб, Финляндияга йўл олганига изоҳ берди. 

"Бугун, ушбу дастур йўлга қўйилганидан бир йил ўтиб, Афинанинг ЕИдаги ҳамкорлари қочқинларнинг атиги 5000 нафари учун жавобгарликни ўз зиммасига олди, 2017 йилнинг охирига қадар яна шунча қочқин масаласи кўрилади, ҳолбуки Евроиттифоқ биринчи йил мобайнида Грециядаги 33 000 нафар қочқинни олиб кетишга ваъда берган", - деди у. 

Моузалас ЕИ ва Туркия ўртасидаги битимни амалга оширишда Европанинг қўллаб-қувватламаётганлигидан норози бўлди. Унга кўра, 20 мартдан кейин грек оролларига келган муҳожирлар, шу жумладан суриялик қочқинлар Туркияга қайтарилиши керак бўлган. 

"Евроиттифоқ бу келишувни қўллаб-қувватлаши керак. Бу Грецияга ҳамдардлик билдириш масаласи эмас. Бу мажбурият!", - деди у. 

Келишув шартларига кўра, ЕИ экспертларга муҳожирларнинг бошпана билан таъминлаш қоидаларига мувофиқ қайтарилишини ташкиллаштиришда Грецияга ёрдам беришга ваъда берганди. "Бироқ бундай ёрдамдан дарак йўқ", - деди у.