Нигер ҳукумати чорвадорлар ва фермерлар ўртасидаги тўқнашув оқибатида камида 18 киши ҳалок бўлганини маълум қилди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.  

Бундан ташқари, тўқнашувларда 20 га яқин киши жабрланган. Таъкидланишича, воқеа Нигерия билан чегарадаги Банжи қишлоғида бир чорвадорнинг чорваси фермерлардан бирининг даласини пайҳон қилгандан кейин юз берган.

Низони бостириш учун полиция аралашуви талаб қилинган.

"Кўчманчи чорвадорлар фермер билан муштлаша бошлашган ва унга жароҳат етказишган. У тиббиёт марказига етказилган. Ҳаммаси ана шундан бошланган", деб маълум қилди Банжи мэри Умару Муҳаман.

Бундан ташқари, тўқнашувлар оқибатида 15 га яқин уй ёқиб юборилган.