Nike компанияси дизайнерлари "Келажакка қайтиш" трилогиясининг иккинчи фильмидаги ўзи боғланувчи кроссовкалар яратиш ғояси устида йиллаб бош қотиришди ва натижада бунинг уддасидан чиқишди. Бироқ спорт кийимлари ва аксессуарларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Puma компанияси ҳам қўл қовуштириб ўтирмасликка қарор қилди ва дунёга ўзининг автоматлаштирилган пойабзалини тақдим этди. "Hi-News" нашри шу ҳақида хабар берди

Аслида, Puma кроссовкалари ўтган йили Autodiscs номи остида намойиш қилинганди, бироқ шундан кейин улар ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмади. Афтидан, ишлаб чиқарувчи ўз натижаларидан кўнгли тўлиши учун пойабзал конструкциясини қайта ишлаган кўринади. Пойабзалга боғичларни мустаҳкамлайдиган ёки аксинча, бўшаштирадиган электромоторлар ўрнатилган. Бу кроссовкаларнинг ўзидаги тугмалар ёрдамида ёки расмий мобил илованинг ичида амалга оширилади. "+" белгисига босилганда - боғич мустаҳкамланади, "-" белгисида - бўшаштирилади. 

Кўпчилигимизга бундай тизим дангаса кишиларга мўлжаллангандек туюлади, аммо аслида Puma ўз маҳсулоти билан профессионал спортчилар, энг аввало югуриш усталарининг талабини қондиришни кўзлаган. Autodiscs кроссовкаларининг реклама роликларига тўққиз карра Олимпия чемпиони Усэйн Болт ва профессионал гольфчи Рики Фаулер жалб этилган. 

Кроссовка ишлаб чиқарувчиларининг сўзларига кўра, Autodiscs'нинг HyperAdapt'дан (Nike) устунлик томонлари бор: биринчиси - боғичларни тортувчи моторлар пойабзалнинг таг қисмида эмас, уларнинг тилида жойлашганлиги бўлса, иккинчиси - кроссовкаларнинг смартфон билан боғланганлиги. Смартфон орқали нафақат боғичлар бошқарилади, балки пойабзал акакумуляторида қанча заряд қолгани ҳам назорат қилинади.