Биринчи лиганинг 35-тури доирасида Самарқандда «Ёзёвон-Лочинлари» жамоасини қабул қилган «Динамо» жамоаси йирик ҳисобда ғалабага эришиб, олдинда яна 3та ўйин бўлишига қарамай, муддатдан олдин Олий Лигага қайтди.

Учрашувнинг 15-дақиқасига келиб жамоа ва чемпионат тўпурарларидан бири Амиржон Сафаров ҳисобни очишга эришди - 1:0. 

Голдан руҳланган мезбонлар ҳужумкорликни тўхтатишмади ва орадан 8 дақиқа ўтиб, қанотдан ёшлар терма жамоаси аъзоси Саиджамол Давлатжонов томонидан етказиб берилган тўпни Виктор Клишин бош билан рақиб дарвозасига йўллади - 2:0.

Ўйиннинг 32-дақиқасида эса рақибнинг кам сонли ҳужумларидан бири ҳимоячи Акмал Бозоровнинг кутилмаганда ўз дарвозасини ишғол этиб қўйишига сабаб бўлди - 2:1.

Иккинчи бўлимда «Динамо» бош мураббийи Илҳом Шарипов бир қатор ўзгаришларга қўл урди. 68-дақиқада Алишер Холиқов бурчакдан Омаджон Тайлоқов томонидан етказиб берилган тўпни бош билан «Ёзёвон-Лочинлари» дарвозасига киритиб ҳисобни 3:1 кўринишига келтирди.

83-дақиқада эса айнан Алишер Холиқовнинг тўп оширишидан сўнг Миркомил Локаев тезкорлиги эвазига таблодаги ҳисобни 4:1 га етказиб, самарқандлик мухлисларнинг байрамни бошлашди.

Айнан ушбу ғалабадан кейин «Динамо» жамоасининг турнир жадвалидаги очколари сони 78тага етди ва Самарқанд клуби энг яқин таъқибчиси бўлмиш «Норин» жамоасини 6 очкога ортда қолдирмоқда. «Динамо» сўнгги турда «Цементчи», қолдирилган ўйинларда эса «Косонсой» ва «Хотира-79» жамоаларига қарши ўйинларда қандай ҳисоблар қайд этишидан қатъи назар жамоа расман Олий лига йўлланмасига эга чиқди. Чунки яқин таъқибчи «Норин» ҳисобида иккита ўйин бор ва рақиб бу баҳсларда ғалаба қозонган тақдирда ҳам ўзаро ўйинлар бўйича устунлик айнан «Динамо»да саналади.

5 ноябрь куни «Динамо» Самарқандда «Цементчи» клубини қабул қилади ва айнан ушбу баҳсдан кейин Самарқандда чемпионатнинг ёпилиш маросими ўтказилади.

Биринчи лига. 35-тур, 2 ноябрь (чоршанба)
«Динамо» - «Ёзёвон-лочинлари» - 4:1
Самарқанд, 2000 томошабин.
Бош ҳакам: Исҳоқ Ибрагимов (Нукус)
Голлар: Амиржон Сафаров 15, Виктор Клишин 23, Алишер Холиқов 68, Миркомил Локаев 83 – Акмал Бозоров (авт, 32).
«Динамо»: Михаил Наумов, Акмал Бозоров, Алексей Николаев, Миркомил Локаев, Фирдавс Абдусалимов (Убайдулло Набиев, 58), Искандар Холмирзаев (Жасур Азимов, 46), Омаджон Тайлоқов (Комил Шарофутдинов, 78), Саиджамол Давлатжонов (Жонибек Кўчимов, 56), Достон Ибрагимов, Виктор Клишин (Алишер Холиқов, 64), Амиржон Сафаров.
«Ёзёвон-Лочинлари»: А.Фахриддинов, Ё.Ёралиев, У.Ҳошимов, З.Исмоилов, Б.Абдуманнонов, Ш. Абдураҳмонов, Б.Мадраҳимов, Д. Холматов, Б. Расулов, Ж.Саидов, А.Файзуллаев.
Назоратчи: А.Клепиков (Тошкент).