Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаровнинг сайловчилар билан навбатдаги учрашуви 2 ноябрь куни Қашқадарё вилоятида ўтказилди. 

Тадбирда корхона ва ташкилотлар ишчи-ходимлари, тадбиркорлар, маҳаллалар фаоллари, жамоатчилик, партия электорати ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Онлайн видеоконференция тарзида ташкил этилган тадбирда асосий залда 250 нафардан ортиқ, ҳудудлардан 1300 нафарга яқин киши иштирок этди.

Учрашувни Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилояти Кенгаши раиси вазифасини вақтинчалик бажарувчи Р.Раупов олиб борди. Наримон Умаровнинг ишончли вакили, вилоят партия Кенгаши матбуот котиби Комил Сахатов йиғилганларни Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли билан яқиндан таништирди.

Н.Умаров қашқадарёликларга мурожаат қилар экан, айни пайтда уч миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган шундай бетакрор замин меҳнаткашлари ўзларининг самарали ва бунёдкорлик ишлари билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга катта улуш қўшаётганликларини таъкидлади.

Номзод Қашқадарё вилояти сайловчиларига ўз Сайловолди дастурининг устувор йўналишлари хусусида сўзлаб берди. 

Дастурда белгиланганидек, замонавий ижтимоий давлат фақат юксак ривожланган, самарали ва ижтимоий йўналтирилган иқтисодиётга асосланиб муваффақиятли фаолият кўрсатади. Бозор иқтисодиёти ва хусусий тадбиркорлик ташаббуслари эса социал-демократиянинг эркинлик, адолатлилик ва бирдамлик каби асосий қадриятларни амалга оширишда муҳим восита бўлади.

Н.Умаров вилоятнинг иқтисодий салоҳияти ҳақида тўхталар экан, ҳозирда республикамизда қазиб олинаётган табиий газнинг 88 фоизи, нефтнинг 92 фоизи айни шу ҳудуд ҳиссасига тўғри келаётганини қайд этди. Шундан келиб чиқиб, номзод нефт-газ соҳасидаги республикамиз йирик компанияларининг марказий бошқарув органларини вилоятнинг тегишли кичик шаҳарларига кўчириш таклифини илгари сурди. Бу унинг фикрига кўра нефт-газ соҳасидаги бошқарув тизимини оптималлаштиришга, Қашқадарё вилоятининг иқтисодий, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилашга, янги иш ўринларини яратишга ва пировардида аҳолининг турмуш фаровонлигини янада оширишга имконият яратишини таъкидлаб ўтди. Мазкур таклифни сайловчилар кўтаринки кайфиятда қабул қилдилар ва тўла қўллаб-қувватладилар.
Наримон Умаров учрашув қатнашчиларининг кўплаб саволларига жавоб берар экан, Президент сайлови мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим воқеа эканини, у юртимиз тараққиёти йўналишини белгилаб беришини таъкидлаб, Қашқадарё вилояти сайловчиларини 4 декабрь куни овоз беришда фаол қатнашишга чақирди.