1 ноябрь куни Женевада Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг махсус анжумани бошланди. Икки кун давом этадиган анжуманда ташкилот бош директорлигига номзоди кўрсатилган олти киши ўз дастурлари билан иштирокчиларни таништиради. Айни дамда бу лавозим учун олти кишининг номзоди кўрсатилган. Бироқ январь ойига қадар улардан беш нафари қолиши керак. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директорини сайлаш жараёни қатъий белгилаб қўйилган. Келаси йилнинг январь ойи сўнгида ташкилот Ижроия Кенгаши 5 нафар номзодни қолдириши керак. Шундан сўнг уларнинг ҳар бири билан алоҳида сухбат бўлиб ўтади. Март ойида эса яна икки номзод ўйиндан чиқади. Май ойида бўлиб ўтадиган ташкилот ассамблеясининг 70-сессиясида уч номзоддан бири бош директор этиб сайланади.

Шуни таъкидлаш керак-ки, аввалари битта номзод кўрсатиларди. Бу гал номзодлар сони олти кишига етди. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги бош директори ўз лавозимига 2017 йилнинг 1 июлида киришади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, бош директорликка номзод танлаш жараёни эълон қилинганидан кейин гендер тенглиги ҳақида ваъда берилган эди. Аммо олти нафар номзоднинг икки нафари – Италия ва Покистон вакилларигина аёл экани айтилмоқда. Бу гал европалик номзодлар сони анча ошган. Тўрт номзод “кўҳна қитъа” вакили экани ойдинлашди.

Италия амалдаги бош директорнинг оила, хотин-қизлар ва болалар саломатлиги масалалари бўйича ёрдамчиси бўлиб ишлаб келаётган доктор Флавия Бустрео номзодини илгари сурди. Франция эса собиқ ташқи ишлар вазири, профессор Филипп Дусте-Блази номзодини кўрсатди. Буюк Британия Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг эбола вирусига қарши кураш бўйича махсус координатори Дэвид Набарро номзодини, Руминия эса собиқ соғлиқни сақлаш вазири Миклош Сочка номзодини тавсия қилди. Эфиопия ҳам собиқ соғлиқни сақлаш вазири, доктор Тедрос Аданом Гебрейесусни, Покистон эса Саломатлик масалалари бўйича федерал вазир, доктор Саньо Ништар номзодини кўрсатди.

Фото: Reuters

Жаҳон Соғлиқни сақлаш Ташкилоти қоидаларига биноан 1-2 ноябрь кунлари ўз дастурлари тақдим қилишлари учун номзодларга 30 дақиқадан вақт берилади. Шундан сўнг 60 дақиқа савол-жавоб ўтказилади.

Номзодлардан икки нафари Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг амалдаги ходими бўлгани боис, уларга меҳат таътили берилди. Агар уларнинг ҳар иккиси май ойида бўлиб ўтадиган сайловларгача етиб борса, у ҳолда уларга маошлари сақланган ҳолда махсус таътил берилади.

Бош директорликка номзодларнинг ҳаммаси жисмонан соғлом эканликларини исботлашлари учун тиббий кўрикдан ўтишлари керак. Номзодлар рўйхати шу йилнинг 23 сентябрь куни тасдиқланди. Номзод кўрсатиш борасида шу йилнинг апрель ойида ташкилот Ижроия қўмитасининг 140-сессиясида эълон қилинган эди. 

Жаҳон Соғлиқни сақлаш Ташкилоти бош директори ташкилотнинг халқаро фаолияти устидан назоратни ўз қўлига олади. Амалдаги бош директор доктор Маргарет Чен бу лавозимга 2006 йилда сайланган. У икки муддат бу лавозимга сайланган бўлиб, унинг ваколатлари келаси йилнинг 30 июнида ниҳоясига етади.

Фото: UN

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ассамблеяси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг олий органи бўлиб, унинг ишида ташкилотга аъзо барча мамлактлар иштирок этади. Ассамблеянинг асосий вазифаси ташкилот стратегик йўналишини белгилайди, Бош директорни сайлайди, ташкилот молиявий фаолиятини назорат қилади. Бюджетни тасдиқлайди.

Ташкилот Ижроия қўмитаси уч йил муддатга сайланадиган 34 нафар техник аъзодан иборат. Ижроия қўмита бир йилда икки марта - январь ва май ойларида сессия ўтказади.

Ер шари аҳолиси саломатлиги муаммоларини ҳал қилиш йўлида фаолият юритувчи Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (World Health Organization, WHO) — БМТнинг 1948 йилда ташкил этилган махсус муассасаси бўлиб, айни дамда 194 нафар аъзодан иборат.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг бош котиблари:

2007 — йилдан бери Доктор Маргарет Чен (Хитой)
2006—2007 йилларда Доктор Андерс Нордстрём (Швеция) (вақтинча бажарувчи)
2003—2006 йилларда доктор Ли Чон Ук (Корея Республикаси)
1998—2003 йилларда Доктор Гру Харлем Брунтланн (Норвегия)
1988—1998 йилларда Доктор Хироси Накадзима (Япония)
1973—1988 йилларда Доктор Хальфдан Малер (Дания)
1953—1973 йилларда Доктор Марколино Гомес Кандау (Бразилия)
1948—1953 йилларда Доктор Брок Чисхольм  (Канада)

Шарофиддин Тўлаганов