АҚШнинг Мичиган штати полиция бошқармаси General Motors, Ford ва Fiat Chrysler Automobiles (FCA) концернларининг хизмат машиналарига баҳо бериш мақсадида синовлар ўтказган. Унинг натижалари ҳақида USA Today нашри ёзмоқда

Автомобиллар уч тасниф: тезлик олиш, энг юқори тезлик ва тормоз тизими бўйича баҳоланган. 

Биринчи тасниф буйича Ford Taurus негизида барпо этилган Police Interceptor энг юқори натижани кўрсатган. 3,5 литрли, V6 Twin Turbo мотори ўрнатилган машина жойидан соатига 60 миль (96 км) тезликка 5,7 сонияда эриша олган. Chevrolet Caprice полиция машинаси эса бу тезликка 6,11 сонияда чиқа олиши қайд этилган. 

Шунинг баробарида, айнан Caprice хизмат машинаси ўз турдошлари орасида энг юқори тезликка (соатига 155 миль-250 км/соат) эгалиги билан ажралиб турибди. Ford Taurus ва Dodge Charger “полициячи”ларининг тезлиги Chevrolet вакили натижасидан соатига 5 миль камроқлиги таъкидланган. 

Ниҳоят, Dodge Charger энг яхши тормоз тизимига эгалиги аниқланди. Седаннинг 60миль/соат тезликдаги тормоз йўли 37,5 метрга тенг бўлгани ҳисоботда келтирилган. Аммо, шунга қарамай, Ford машиналари Америка полициячиларининг энг севимли автомобили бўлиб қолмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари буюртма берадиган транспорт воситаларининг 60 фоизи айни шу модель ҳиссасига тўғри келади. 

Йўлтанламаслар орасида эса энг кўп талаб қилинадиган машина бу Ford Explorer ҳисобланади.