Махфий маълумотларни ошкор этиши билан донг таратган WikiLeaks сайти бош муҳаррири Жулиан Ассанж RT телеканалига берган интервьюсида баёнот беришича, у АҚШ президентлиги учун Демократик партия номзоди Ҳиллари Клинтонга ачинади. Чунки, Ассанжнинг сўзларига кўра, «унинг шуҳратпарастлиги Клинтонни ичидан кемирмоқда».

«Мен ҳақиқатдан ҳам Ҳиллари Клинтонга инсон сифатида ачинаман, чунки мен унинг ичини ўз шуҳратпарастлиги кемираётганини кўраяпман. У шунчалик азият чекмоқдаки, бундан бемор ҳолатига ҳам тушмоқда. Баъзан, у ўз орзу–истаклари ортидан шу қадар қувганидан, ҳушини ҳам йўқотиб қўяди», — деган Ассанж.

Аввалроқ, Ассанж адвокати берган баёнотга кўра, Клинтон АҚШ президентлиги учун сайловларда ғалаба қозонгудек бўлса, WikiLeaks асосчисига бўлган таҳдидлар сезиларли ошади. 

АҚШ президентлиги учун номзод Ҳиллари Клинтон 2001 йил 11 сентябрь воқеаларига бағишланган хотира анжуманида иштирок этиш вақтида ҳушидан кетгани хабар қилинган эди.