Британия армияси Ригада Гренадерлар гвардия полкининг икки аскари иштирокидаги муштлашувда Россиянинг қўли борлигини кўрди, деб хабар бермоқда The Telegraph.

Нашрнинг таъкидлашича, британиялик ҳарбийлар "Макдоналдс"да овқатланиб ўтиришганда, гўёки уларга номаълум кимсалар ҳужум қилиб, муштлашув келтириб чиқаришган. Муштлашув бўлаётган жойда суратга олиш гуруҳи пайдо бўлиб, бўлаётган воқеани камерага ола бошлаган.

Мақола муаллифининг фикрича, муштлашув атайлаб уюштирилган: суратга олиш гуруҳи муштлашув бошланишини пойлаб турган, сўнгра эса Россияга рўйхушлик қилувчи ОАВдан бирининг таҳририятига йўл олган.

"Биз бу атайлаб уюштирилганига аминмиз, яъни "Келинг бу йигитларни жанжалкаш қилиб кўрсатиб, буни видеога оламиз" қабилида иш тутилган", деб айтди британ қўшинларидаги манба.

Бироқ баъзи Латвия ОАВ муштлашув иштирокчиларидан бирининг отаси айтган сўзларга иқтибос келтирган ҳолда муштлашувни айнан британиялик аскарлар бошлашганини таъкидлаб ўтган.

"Ҳарбийлар ўзларини аҳмоқона тутдилар ва шунчаки ким биландир муштлашишга баҳона қидиришган. Боз устига улар оёқда туролмайдиган даражада маст бўлганлар. Ҳеч қандай суратга олиш гуруҳи бўлмаган, одамлар бўлаётган воқеани смартфонлар камераларига ёзиб олишган. Умид қиламанки, видео пайдо бўлганда, барча аслида нима юз берганини ўз кўзлари билан кўра олади", деб айтди ота.

Таъкидланишича, муштлашув 31 октябрда содир бўлган.