2016 йилда дунёнинг энг фаровон давлати Янги Зеландия бўлди. 3 ноябрда Business Insider нашри ёзишича, Prosperity Index рейтингини тузувчи Legatum Institute британ ташкилоти бундай хулосага келди.

Етти йил давомида Legatum рўйхатида етакчилик қилиб келаётган Норвегия 2-ўринга тушиб кетди. У Янги Зеландиядан таълим сифати, хавфсизлик ва экологиядан ташқари барча мезонлар бўйича ортда қолди. 3-ўринни Финляндия эгаллади. Бу давлат ҳукуматнинг самаралилиги, демократиянинг ривожланганлиги ва қонун устуворлиги кафолатлари даражаси бўйича энг яхши деб топилди.

Таълим соҳасида етакчилик қилаётган Швейцария 4-ўринни эгаллади. Ундан кейин Канада, Австралия, Нидерландия, Швеция ва Дания келмоқда. Бир йил аввал 15-ўринда бўлган Буюк Британия ўз кўрсаткичларини яхшилаб, етакчи ўнликнинг охиридан жой олди.

Россия шахсий эркинликлар соҳасидаги энг паст кўрсаткичлардан бири билан рейтингнинг 95-ўринидан жой олди. Legatum Institute’да шахсий эркинликлар сифатида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлари ҳимоя қилиниши, жамият томонидан намойиш қилинадиган сабр-тоқатлилик тушунилади.

Ушбу рейтингни тузишда 104 омил ҳисобга олинади. Бу омиллар орасига нафақат аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот, бандлик даражаси ва иқтисодий кўрсаткичлар, балки мобил телефонлар сони, болалар орасидаги ўлим даражаси, фуқароларнинг сайловларнинг ҳалоллигига ишончи ва мамлакатдаги вазиятни баҳолашга имкон берувчи бошқа кўрсаткичлар киради.