Германия турк мухолиф имоми Фатҳулла Гуленнинг тарафдорлари учун бошпанага айланган, деб айтди 3 ноябрда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда.  

Германия ички ишлар вазирлиги ўтган ҳафтада Туркиядаги давлат тўнтарувига уринишдан кейин турк дипломатик паспортларига эга 35 киши Германияда бошпана сўраганини расман тасдиқлади.

"Биз уларга террорчилик ташкилоти аъзоларини беришни таклиф қилганимизда, Германия бунга розилигини, улар бизга оғир жиноятларда айбланаётганларни бера олишларини, бироқ сиёсийларни бера олмасликларини айтишади. Биз доимо айтиб келамиз, террорчилик ташкилоти мисли чаён кабидир, бир кун ўгирилиб чақиб олади. Мен Германия тақдиридан хавотирдаман. Бу мамлакат террорчилар бошпанасига айланган, у террорчилик ташкилоти аъзоларини ҳимоя қилишни афзал кўрмоқда", деб айтди Эрдўған Анқарада маданият арбобларини мукофотлаш маросимида.

Унинг айтишича, Анқара Германия канцлери Ангела Меркелга Германияда бўлган Гуленнинг тарафдорлари айбларини исботловчи 4 минг ҳужжат топширган.

"Европа Иттифоқининг энг муҳим давлати террорчиларни қўллаб-қувватлашини ҳеч тушунолмайман. Агар Германия террорчилар Гуленнинг тарафдорлари ёки йўқлигига шубҳа қилаётган бўлса, Анқарага, парламентга келсинлар ва 15 июлда нима содир бўлганини кўрсинлар. Улар Гуленнинг тарафдорлари Туркияда ушланаётганларини хавотир билан кузатаётганларини айтмоқдалар. Биз эса уларнинг гапларини нафақат хавотир, балки кўрқув билан кузатмоқдамиз. Бизнинг ички қонунчилигимиз ҳеч кимни ташвишлантирмаслиги керак", деб қўшимча қилди Эрдўған.