Facebook ижтимоий тармоғининг учинчи чоракдаги даромади 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 56 фоизга ўсди ва 7,01 миллиард долларни ташкил қилди. Бу ҳақида компания ҳисоботида маълум қилинди. 

Компаниянинг соф даромади 166 фоизга, яъни 896 миллион доллардан 2,3 миллиард долларгача ошди. Шунингдек умумий даромадда мобил реклама даромади улушининг ўсганлиги қайд этилди - у 84 фоизни ташкил қилган, ўтган йили эса бу кўрсаткич 78 фоиздан иборат бўлган. 

Facebook даромад манбаларига оид бошқа тафсилотларни ошкор қилмади. Компания таҳлилчилар билан ўтказган конференц-қўнғироғи давомида 2017 йилда даромаднинг ўсиш темплари ижтимоий тармоқларда реклама ҳажмининг ўсиш суръати секинлашиши туфайли сезиларли даражада қисқариши мумкинлигидан огоҳлантирди. Ушбу хабар фонида компания акциялари 7 фоизга тушиб кетди. 

"Биз яна бир чоракни яхши якунладик. Барча иловаларда видеоларни муваффақиятли йўлга қўймоқдамиз ва технологиялар тараққиёти бўйича 10 йиллик режани бажаряпмиз", - деди Facebook асосчиси ва раҳбари Марк Цукерберг. У компания "визуал мулоқот учун" янги жиҳозлар, жумладан ижтимоий тармоқнинг янги камерасидан фойдаланишини қўшимча қилди. 

Facebook'нинг ойлик аудиторияси 16 фоизга ўсди ва 1,79 миллиард кишини ташкил қилди. Улардан 1 миллиард нафари ижтимоий тармоққа фақат мобил қурилмалари орқали киришади.

Тармоқнинг кунлик аудиторияси 1,18 миллиард кишини ташкил қилади (17 фоизга ўсган), улардан 1,09 миллиард нафари Facebook'га мобил қурилмалардан киради.