Gawker онлайн-сервиси таниқли америкалик актёр, рестлер Халк Хоганга шахсий ҳаётга аралашиш билан боғлиқ кўп йиллик баҳсни ҳал қилиш доирасида 31 млн доллар тўлаб беради, деб хабар бермоқда Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлиги. 

Турли шов-шувларни тарқатишга ихтисослашган сайт июнда март ойида суд сайт таҳририятига Хоганга 140 млн доллар тўлаб бериш мажбуриятини қўйгандан кейин, судга ўзининг банкротга учрагани ҳақида даъво аризаси топширди. Бу жарима сайтга Хоган иштирокидаги шаҳвоний мазмундаги видеонинг сайтда чоп этилиши туфайли белгиланганди. Август ойида Gawker сайти ўз фаолиятини тўхтатгани маълум бўлганди.

2 ноябрда портал асосчиси Ник Дентон баҳсга нуқта қўйилганини айтди. Хоган билан баҳсни ҳал қилиш доирасида актёр Gawker.com’нинг сотилишидан олинадиган маблағдан 45 фоизини оладиган бўлди. Дентоннинг маълум қилишича, баҳсни ҳал қилиш доирасида учта материал, жумладан Хоган билан боғлиқ бир видео сайтдан ўчириб ташланадиган бўлди. Сайт ёпилган бўлса-да, порталнинг архивига онлайн кириш мумкин.

Халк Хоган тахаллуси билан маълум бўлган Терри Болеа рестлинг спорти тарихидаги энг яхши рестлердан бири ҳисобланади. У 1984 йилдан 1991 йилгача жаҳон чемпиони унвонини ўзида сақлаб келган. 1994 йилда у стероидлар қабул қилишда айблангандан сўнг спортни ташлаб кетишга мажбур бўлган, бироқ 5 йилдан кейин яна мусобақаларда қатнашишни бошлаган.